Хотин-қизларни туризм соҳасига жалб этиш орқали бандлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди
2026-07-29 16:05:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокимлиги, вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамда Туризм бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирдан мақсад хориждан ва меҳнат миграциясидан қайтган хотин-қизларни туризм соҳасига кенг жалб этиш, уларнинг иқтисодий реинтеграциясини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашдир. Анжуманда масъул ходимлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари ўринбосарлари, Марказий банкнинг вилоят бошқармаси вакиллари, туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар ҳамда меҳнат миграциясидан қайтган хотин-қизлар иштирок этдилар.
Семинарни вилоят ҳокими ўринбосари Хуршиджон Ахмедов очиб, хотин-қизларнинг жамиятдаги иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни замонавий хизмат кўрсатиш ва туризм тармоқларида банд қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини алоҳида таъкидлади.
Мулоқот давомида иштирокчиларга туризм йўналишида ўз бизнесини йўлга қўйиш истагида бўлган аёллар учун давлат томонидан яратилган имтиёзлар, субсидия ва кредит ажратиш тартиблари ҳамда соҳанинг ҳуқуқий асослари юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди. Тажрибали тадбиркорлар томонидан муваффақиятли бизнес-кейслар тақдимот қилинди.
Олтиариқ тумани Маданият бўлимининг “Зилола” ашула ва рақс халқ ансамбли қошидаги “Бахт карвони” жамоаси ўзларининг дилкаш куй-қошиқлари билан йиғилганларга кўтаринки кайфият бахш этди.
Бу каби амалий ўқув-семинарлар хотин-қизларнинг янги касбий кўникмаларни эгаллашига, уларнинг бандлигини таъминлаш ва оилавий даромадларини оширишга хизмат қилади.






