Қобулда ўтказилган Ўзбекистон ва Афғонистон бизнес-форумида Фарғона вилояти делегацияси иштирок этди
2026-07-27 10:35:00 / Янгиликлар

Мазкур йирик иқтисодий тадбир Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда Афғонистон Савдо ва инвестициялар палатаси билан ҳамкорликда юқори савияда ташкил этилди.
Форумда икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари ҳамда турли соҳаларда фаолият юритаётган 400 дан зиёд етакчи тадбиркор ва инвесторлар иштирок этди.
Форум ишида, шунингдек, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги вилоят делегацияси ҳам фаол қатнашди.
Анжуманнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев, Афғонистон Саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизий мазкур бизнес-форум икки томонлама ишбилармонлар ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, савдо ва экспорт географиясини кенгайтириш ҳамда саноат кооперацияси йўналишида қўшма лойиҳаларни амалга оширишда муҳим ва самарали платформа бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ҳам форумда сўзга чиқиб, мазкур бизнес форум тадбиркорлар учун катта имкониятлар эшигини очаётганини таъкидлади. Фарғона вилоятининг инвестицион салоҳияти ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, кооперацион алоқаларни жадаллаштириш, ишлаб чиқариш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, экспорт-импорт имкониятларини кенгайтириш бўйича истиқболли йўналишлар кўп экани қайд этилди.
Вилоят раҳбари Фарғона вилоятида Афғонистон тадбиркорлари иштирокида бизнес форуми ўтказиш ташаббусини илгари сурди.
Тадбир доирасида икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида В2В форматидаги учрашувлар ва музокаралар ташкил этилди. Унда томонлар тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва логистика соҳаларида ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар. Фарғоналик тадбиркорлар ҳам кўплаб келишувларга эришди.
Мулоқотлар якунида савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилган қатор истиқболли келишувлар ва шартномалар имзоланди.









