Фарғона-Боткен: ҳудудлараро ҳамкорлик янги ташаббусларга ундамоқда
2026-07-24 00:30:00 / Янгиликлар

Мазкур ишчи учрашув чегараолди ҳудудлар алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда яқин қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Дастлаб “Ҳазрат Али” зиёратгоҳида меҳмонларга Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқларининг туристик салоҳиятини оширишга қаратилган истиқболли лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Унда ҳудудда замонавий инфратузилмани ривожлантириш ва янги сайёҳлик йўналишларини ташкил этиш бўйича режалар хусусида маълумот берилди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона ва Боткен ўртасидаги дўстона муносабатлар янада фаоллашиб бораётганини қайд этиб, биргаликда йирик инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар мавжудлигини билдирди. Айниқса, Шоҳимардон ҳамда Қадамжой туманининг Дугоба ҳудудида туризм ривожи учун катта салоҳият борлиги айтиб ўтилди. Хусусан, Шоҳимардон-Дугоба йўналишида эркин туристик зона ташкил этиш, икки томонлама сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва дам олувчилар учун халқаро талабларга мос қулай шароитлар яратиш зарурлиги таъкидланди.
"Ҳазрат Али" зиёратгоҳида Қуръон тиловат қилиниб, икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланиши, халқларимиз тинчлиги ва фаровонлиги йўлида дуолар қилинди.






