Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Туркиянинг саноат муҳандислиги, электрлаштириш ва автоматлаштириш соҳасида фаолият юритувчи "CDG Mühendislik San. ve Tic. A.Ş." компанияси вакили Чағлар Озер ҳамда унинг Ўзбекистондаги ҳамкорларини қабул қилди.
2026-07-21 20:25:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров кейинги йилларда Фарғона вилоятида туркиялик инвесторлар билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини таъкидлади. Шунингдек, Фарғона вилояти республикада саноат салоҳияти юқори бўлган ҳудудлардан бири эканини қайд этиб, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилгани, истиқболли ташаббуслар ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини билдирди.
Чағлар Озер компаниянинг Туркия ва Ўзбекистонда амалга ошираётган лойиҳалари ҳақида маълумот берди. Мулоқот давомида саноат соҳасида муҳандислик хизматларини ташкил этиш, маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, чиқиндиларни қайта ишлаш, тиббиёт соҳасида ҳамкорлик қилиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида билдирилган таклифлар асосида ҳамкорлик лойиҳаларини шакллантириш бўйича музокараларни давом эттиришга келишиб олинди.


