Фарғонада замонавий Гимнастика маркази фойдаланишга топширилди
2026-07-16 15:10:00 / Янгиликлар

Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икрамов, спорт соҳаси вакиллари, мураббийлар, спортчилар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Маросимда сўзга чиққан вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ва Спорт вазири Адҳам Икрамов мамлакатимизда Президент раҳбарлигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасини изчил ривожлантириш, ёшлар учун замонавий спорт инфратузилмасини яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидладилар.
Янги марказ нафақат Фарғона вилояти, балки бутун Фарғона водийсида гимнастика спорт турларини янада оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни саралаш ва профессионал захирани тайёрлашда муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
Мамлакатимизда спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон халқаро майдонда муносиб натижаларга эришаётгани, мазкур марказ ҳам янги чемпионларни тарбиялашга хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Спорт маскани халқаро талаблар асосида барпо этилди. Лойиҳанинг биринчи босқичида 174 ўринли ётоқхона, 100 ўринли ошхона қурилиб, гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби капитал таъмирланди. Бу ишлар учун 67 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Бунёдкорлик ишларида "Ўзавтосаноат" АЖнинг кўмаги катта бўлди.
Бир вақтнинг ўзида 150 нафар спортчининг машғулот ўташи учун бу ерда барча шарт-шароитлар яратилган. Марказ Спорт вазирлиги томонидан 91 турдаги замонавий спорт жиҳозлари билан таъминланди.
Бугунги кунда Фарғона вилоятида гимнастика спорт турлари билан қарийб 4 минг нафар ёш мунтазам шуғулланмоқда. Уларга 100 нафардан ортиқ малакали мураббий таълим бермоқда. Шунингдек, вилоятда Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун 60 нафарга яқин спортчи тайёрланган.
Тадбирда Гимнастика марказига Президент совғаси-янги автобус тантанали равишда топширилди.
Ота-оналар номидан сўзга чиққанлар ёш авлоднинг жисмонан соғлом ва баркамол вояга етиши, уларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун яратилаётган кенг имкониятлар учун давлатимиз раҳбарига самимий миннатдорчилик изҳор этдилар.
Тадбир якунида рамзий лента қирқилиб, иштирокчилар янги марказда спортчилар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.









