Ёзёвонда мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинади: ҳудудни ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди
2026-07-15 12:40:00 / Янгиликлар

Туманни комплекс ривожлантриш юзасидан ўрганиш олиб борган вилоят ишчи гурухининг хулосаси атрофлича тахлил қилиниб, олдинда турган вазфаларга эътибор қаратилди.
Йиғилишда туманнинг мавжуд салоҳиятидан самарали фойдаланиш, иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, инвестицияларни кенг жалб этиш, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ҳамда аҳоли бандлигини ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Ёзёвон Фарғона водийсининг марказий ҳудудларидан бири бўлиб, қулай географик жойлашуви ва мавжуд имкониятлари билан ажралиб туради. Бироқ ушбу салоҳиятдан тўлиқ фойдаланилмаётгани қайд этилди.
Вилоят раҳбари барча даражадаги раҳбарлар ташаббускор, ватанпарвар ва замонавий билимларга эга бўлиши, фаолиятида илғор тажрибаларни қўллаши зарурлигини таъкидлади. Айниқса, Хитойнинг иқтисодий ривожланиш тажрибасини чуқур ўрганиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш муҳим экани қайд этилди.
Йиғилишда тумандан ўтувчи А-373 халқаро автомобиль йўлининг имкониятларидан унумли фойдаланиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Мазкур йўл бўйида замонавий логистика марказлари, хостел ва меҳмонхоналар, автомобилларга хизмат кўрсатиш мажмуалари, умумий овқатланиш масканлари ҳамда кемпингларни ташкил этиш юзасидан топшириқлар берилди.
Қишлоқ хўжалигида юқори қўшилган қиймат яратадиган йўналишларни ривожлантириш зарурлиги айтилди. Хусусан, замон талаблари даражасида лимончилик, қулупнайчиликни кенгайтириш, маҳсулотларни совитиш, саралаш, қадоқлаш ва қайта ишлаш инфратузилмасини яратиш, шунингдек, доривор ўсимликлар етиштириш ҳамда фармацевтика ва косметика саноати учун хомашё базасини шакллантириш бўйича вазифалар белгиланди.
Ежевика ва голубика етиштириш, шоличиликни замонавий технологиялар асосида ривожлантириш, интенсив ва юқори ҳосилдор навларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада «ақлли шоличилик» моделини йўлга қўйиш, агросервис марказини ташкил этиш ҳамда Ёзёвон шоличилиги брендини яратиш бўйича ишлар олиб борилиши маълум қилинди.
Балиқчилик тармоғини интенсив усуллар асосида ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш, соҳа мутахассисларини тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш ва “Балиқчилик фестивали”ни ташкил этиш юзасидан ҳам тегишли топшириқлар берилди.
Йиғилишда Ёзёвонни ҳудудий логистика марказига айлантириш, хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш, эркин иқтисодий зонада юқори технологияли ва экспортбоп лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Ёзёвон сув омбори ҳудудида замонавий туризм инфратузилмасини шакллантириш, дам олиш масканлари ва сервис объектларини барпо этиш орқали унинг туристик салоҳиятини тўлиқ ишга солиш бўйича вазифалар белгиланди.
«Янги Ўзбекистон» массивида қурилиш ишларини жадаллаштириш, IT маркази, спорт мажмуаси, коворкинг маркази, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Йиғилиш давомида жиноятчиликнинг олдини олиш, спорт тадбирларини ташкил этиш, футболни ривожлантириш, маҳаллаларда ободонлаштириш ишларини кучайтириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш масалалари ҳам кун тартибидан ўрин олди.
Мутасаддиларга ҳар бир йўналиш бўйича аниқ вазифа ва топшириқлар берилиб, белгиланган лойиҳаларни қисқа муддатларда амалга ошириш ҳамда ҳудуддаги ўзгаришлар суръатини янада жадаллаштириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.




