Фарғона шаҳрини ҳар томонлама ривожлантириш - устувор вазифа
2026-07-14 22:30:00 / Янгиликлар

Йиғилишда вилоят ишчи гуруҳи томонидан комплекс ўрганишлар натижалари, ҳудуднинг янги ривожланиш йўналишлари, мавжуд имкониятлар ва муаммолар таҳлил қилинди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бошқарган йиғилишда амалга оширилаётган бу каби ишлардан асосий мақсад аҳолини доимий иш билан таъминлаш, даромадларини ошириш, камбағалликни қисқартириш ҳамда ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этишдан иборатлигини таъкидлади. Бу борада ҳар бир маҳалланинг имкониятларидан келиб чиқиб, янги лойиҳаларни шакллантириш ва аҳолини даромадли меҳнатга йўналтириш муҳим вазифа этиб белгиланди.
Йиғилишда ишчи гуруҳлар томонидан шаҳарда олиб борилган комплекс ўрганишлар якунлари ҳамда аниқланган муаммолар юзасидан ҳисоботлар тингланди. Шунингдек, саноат, инвестиция, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, экспорт, ёшлар бандлиги ва маҳаллаларни ихтисослаштириш йўналишларида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Фарғона шаҳри катта иқтисодий салоҳиятга эга бўлишига қарамасдан, мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётгани қайд этилди. Хусусан, маҳаллаларни ихтисослаштириш ишлари суст кечаётгани, салоҳиятли тадбиркорлар билан ҳамкорлик етарли даражада йўлга қўйилмагани, микролойиҳалар сони камлиги, инвестицияларни жалб қилиш ва саноат корхоналарини ташкил этиш ишлари талаб даражасида эмаслиги танқид қилинди.
Шунингдек, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқарадиган янги корхоналар ташкил этиш, юқори қўшилган қиймат яратадиган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, тадбиркорларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича ишлар кучайтирилиши зарурлиги таъкидланди.
Вилоят ҳокими барча раҳбар ва мутасаддилар ҳар бир топшириқ ижросини қуйи бўғингача тўлиқ таъминлаши, ташаббускорлик, билим ва масъулият билан ишлаши лозимлигини таъкидлади. Ижро интизомига бефарқ муносабатда бўлган мансабдор шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилиши қайд этилди.
Йиғилиш якунида мутасадди ташкилотларга ҳудуд имкониятларини чуқур ўрганиш, янги тадбиркорларни аниқлаш, ҳар бир соҳа кесимида аниқ инвестиция ва саноат лойиҳаларини шакллантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда юқори қўшилган қийматга эга лойиҳалар бўйича тақдимотлар тайёрлаш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.




