Қўштепа туманини ҳар томонлама ривожлантириш бўйича вазифалар белгиланди
2026-07-13 21:30:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ҳар бир раҳбар фаолияти натижадорликка асосланиши, ислоҳотлар ижроси эса аввало, маҳаллада, ҳар бир оилада сезилиши лозимлигини таъкидлади. Ҳудуднинг мавжуд салоҳиятидан самарали фойдаланиш, янги иш ўринларини яратиш, инвестицияларни кенг жалб қилиш ва аҳолининг доимий даромад манбаларини шакллантириш орқали Қўштепа туманини ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Жорий йилда 32 минг 672 нафар аҳолини иш билан таъминлаш режалаштирилган. Ўтган даврда қарийб 14 минг фуқаро иш билан таъминланди.
Йиғилишда аҳоли даромадларини ошириш, маҳаллаларнинг янги "ўсиш нуқталари"ни аниқлаш, саноат, инвестиция, қурилиш, туризм, қишлоқ хўжалиги, таълим, ёшлар каби йўналишлардаги ишлар таҳлил қилинди. Вилоят ишчи гуруҳларининг ҳудуддаги ўрганиш якунлари бўйича ҳисоботлари эшитилди.
Таҳлиллар давомида маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, микролойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш ишлари талаб даражасида эмаслиги қайд этилди. Ҳудудни комплекс ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди. Чарм-пойабзал, мебелчилик, темирчилик каби тармоқларни янада кенгайтириш, агросаноатни янги босқичга олиб чиқиш кераклиги таъкидланди.
Масъул раҳбарларга камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш, ҳар бир лойиҳанинг ижросини қатъий назоратга олиш ҳамда барча соҳаларда амалий натижадорликни таъминлаш бўйича вазифалар белгиланди.




