“Ferga Gold” маҳсулотлари Сингапурдаги халқаро кўргазмада намойиш этилмоқда
2026-07-13 14:20:00 / Янгиликлар

Мазкур нуфузли тадбирда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳамда “Савдони ривожлантириш компанияси” АЖ ташаббуси билан ташкил этилган “Made in Uzbekistan” ягона миллий стенди орқали мамлакатимиз заргарлик саноатининг экспорт салоҳияти кенг намойиш этилмоқда.
Миллий экспозиция доирасида Ўзбекистоннинг 6 та маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхонаси ўзининг юқори сифатли маҳсулотлари билан қатнашмоқда.
Жумладан, вилоятимизда фаолият юритувчи “Ferga Gold” хорижий корхонаси томонидан тақдим этилаётган замонавий дизайн ва юксак сифатга эга заргарлик буюмлари кўргазма иштирокчилари, хорижлик харидорлар ҳамда бизнес доиралари вакилларида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Бу эса Фарғона вилоятида ишлаб чиқарилаётган заргарлик маҳсулотларининг халқаро бозорда рақобатбардошлиги ортиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт имкониятлари тобора кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Маълумот учун, "Singapore International Jewelry-2026" кўргазмаси иштирокчилар учун соҳадаги илғор тажрибалар билан танишиш, маҳсулотлар сифати ва рақобатбардошлигини баҳолаш, шунингдек, янги экспорт шартномаларини тузиш ҳамда узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишда муҳим халқаро майдон ҳисобланади.


