Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш бўйича муҳим вазифалар белгиланди
2026-07-13 13:10:00 / Янгиликлар

Унда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Коммуникациялар департаменти бошлиғи ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси бошлиғи Фарруҳ Омонов, тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарлари ҳамда масъуллар иштирок этди. Видеоконференцалоқа орқали шаҳар ва туман ҳокимлари, шунингдек, мутасадди раҳбарлар ҳам қатнашди.
Дастлаб ташкилий масала кўриб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фарғона вилояти Халқ қабулхонаси мудири ўринбосари лавозимига тайинланган Абдуҳошим Абдуллаев жамоатчиликка таништирилди.
Йиғилишда вилоятда аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг бугунги ҳолати атрофлича таҳлил қилиниб, Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатларни соҳалар кесимида ўз вақтида ва сифатли ҳал этишда тизимли ёндашувни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Қайд этилганидек, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида вилоят аҳолисидан жами 38 минг 200 та мурожаат келиб тушган. Уларни ижобий ҳал этиш кўрсаткичини янада ошириш, ҳар бир мурожаат бўйича манзилли чоралар кўриш муҳим вазифа сифатида белгиланди.
Мурожаатлар таҳлили асосида соҳалар кесимида сақланиб қолаётган муаммо ва камчиликлар муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан ҳар бир йўналиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, «Қарши тажрибаси» асосида, айниқса, такрорий ва жамоавий мурожаатларнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур таҳлил қилиш, уларни келтириб чиқараётган омилларни тизимли бартараф этиш, шунингдек, вилоят, шаҳар ва туманлар даражасида ҳал этилиши мумкин бўлган масалалар юзасидан тезкор чоралар кўриш бўйича қўшимча топшириқлар берилди.
Йиғилиш якунида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини янада ошириш, ҳар бир мурожаатнинг мазмун-моҳиятини пухта ўрганиш, такрорий мурожаатларга сабаб бўлаётган омилларни бартараф этиш юзасидан масъулларга тегишли вазифалар юклатилди.






