Малайзия компанияси билан инвестиция лойиҳалари амалга оширилади
2026-07-13 12:45:00 / Янгиликлар

Мазкур ташриф жорий йилнинг 1–3 июнь кунлари вилоят ҳокимининг Малайзияга амалий ташрифи давомида ушбу компания билан Фарғона вилоятида замонавий уй-жойлар қуриш бўйича эришилган келишувларнинг амалий давоми бўлди. Учрашувда мазкур йўналишда ҳамкорликни бошлаш масалалари муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокими Малайзиянинг қурилиш соҳасидаги илғор тажрибасини юқори баҳолаб, бугунги кунда Ўзбекистонда, хусусан, Фарғона вилоятида қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилаётгани, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида замонавий кўп қаватли турар-жойлар кенг кўламда барпо этилаётганини таъкидлади.
Малайзиялик инвесторлар ташрифдан асосий мақсад вилоятда қурилиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш, истиқболли лойиҳаларни ўрганиш ва ҳамкорлик имкониятларини жадаллаштириш эканини билдирди.
Учрашувда делегациянинг қурилиш учун таклиф этилаётган ер майдонлари, реновация дастури доирасидаги ҳудудлар ва замонавий турар-жой мажмуалари билан танишиши учун барча зарур шароитлар яратилиши, уларга масъуллар бириктирилиши ҳамда қизиқтирган барча масалалар юзасидан батафсил маълумот берилиши таъкидланди.
Учрашув якунида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ва икки томонлама ҳамкорликни жадаллаштириш бўйича ишларни изчил давом эттиришга келишиб олинди.


