Қувасойда имкониятлар фаол ишга солинади
2026-07-04 13:40:00 / Янгиликлар

Йиғилишда Қувасой шаҳрининг 31 та маҳалласида амалга оширилаётган ишлар танқидий-таҳлилий руҳда кўриб чиқилди. Ишчи гуруҳлар томонидан ўтказилган комплекс ўрганишлар натижалари, аниқланган муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокими барча раҳбар ва мутасаддилар ҳар бир топшириқ ижросини қуйи бўғингача тўлиқ таъминлаши, ташаббускорлик, билим ва фидойилик билан ишлаши лозимлигини таъкидлади. Бу жараёнларда масъулиятсизлик қилаётганларга тегишли тартибда жазо чоралари кўрилиши айтиб ўтилди.
Қувасой шаҳри саноат, қишлоқ хўжалиги ва томорқа хўжаликлари бўйича катта салоҳиятга эга бўлишига қарамасдан, мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётганига эътибор қаратилди. Хусусан, маҳаллаларни ихтисослаштириш ишлари суст кечаётгани, лидер тадбиркорлар билан ҳамкорлик етарли даражада йўлга қўйилмагани танқид қилинди.
Муҳокамалар давомида мебелчиликни ривожлантириш, замонавий иссиқхоналар ташкил этиш, боғдорчилик ва сабзавотчиликни кенгайтириш бўйича истиқболли лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, ежевика, малина ва голубика каби юқори даромадли экинларни етиштириш, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичиликни ривожлантириш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар тайёрлаш орқали маҳаллалар ихтисослашувини шакллантириш зарурлиги таъкидланди.
Зийнат, Ҳамид Олимжон ва Ёшлик маҳаллаларида камбағаллик даражаси юқорилиги алоҳида танқид қилиниб, маҳалла масъуллари иштирокида муаммоларнинг сабабларини бартараф этиш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича манзилли чора-тадбирлар белгиланди.
Йиғилишда инвестициялар ҳажмини ошириш, туризмни ривожлантириш, қурилиш, коммунал ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган ишлар ҳам таҳлил қилинди. Шу билан бирга, жиноятчиликнинг олдини олиш ва маҳаллаларда барқарор ижтимоий муҳитни таъминлаш юзасидан ҳам тегишли топшириқлар берилди.
Вилоят ҳокими Қувасойни Фарғона вилоятининг иқтисодий трансформация ҳудудига айлантириш устувор вазифа эканини таъкидлади. Бу борада шаҳарни вилоятнинг иккинчи саноат марказига, агроинновациялар ва туризмнинг етакчи нуқталаридан бирига айлантириш, қишлоқ хўжалигида Агротехпарк ташкил этиш, интенсив боғлар ва замонавий сабзавотчилик лойиҳаларини амалга ошириш, саноат зоналарига янги инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш ҳамда ҳар бир маҳаллада иқтисодий «драйвер» ва кичик саноат зоналарини шакллантириш бўйича аниқ топшириқлар берди.
Йиғилишда Қувасойда мавжуд улкан иқтисодий салоҳиятни тўлиқ ишга солиш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш орқали шаҳарни ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш асосий мақсад сифатида белгиланди.






