Олтиариқда ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
2026-07-02 15:30:00 / Янгиликлар

Дастлаб марказда ёшлар учун яратилган шарт-шароитлар кўздан кечирилди. Ўтган йилда фойдаланишга топширилган 200 ўринли мазкур Ёшлар маркази юртимиз келажаги бўлган йигит-қизларнинг билим олиши, касб-ҳунар ўрганиши, замонавий технологияларни ўзлаштириши, спорт ва маданият йўналишларида ўз иқтидорини рўёбга чиқариши учун кенг имкониятлар яратди.
Лойиҳани амалга ошириш учун “Ташаббусли бюджет” ҳамда ҳомийлик маблағлари ҳисобидан жами 1 миллиард 800 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
Вилоят ҳокими олтиариқлик олий ва профессионал таълим муассасаларининг битирувчи ёшлари билан очиқ мулоқот ўтказди. Учрашувда мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим олиши, замонавий касб ва мутахассисликларни эгаллаши, тадбиркорликка жалб этилиши ҳамда иқтидорини рўёбга чиқариши бўйича мутлақо янги тизим шакллангани таъкидланди.
Шунингдек, яқинда давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан ўтказган учрашувида илгари сурилган муҳим ташаббуслар ва янги имкониятлар ҳақида сўз юритилди.
Мулоқот давомида ёшларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланди, уларни қийнаётган масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Вилоят ҳокими ҳар бир мурожаатни атрофлича ўрганиш ва амалий ечимини таъминлаш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Вилоят ҳокими шу ерда туманда фаолият юритаётган 69 нафар ёшлар етакчиси билан мулоқот ўтказди. Суҳбат давомида ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, иқтидор ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида ёшлар етакчилари зиммасида турган устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.









