Дилафрузхон Жўрабоева — Фарғона фахри
2026-06-30 18:40:00 / Янгиликлар

Тадбир давомида Дилафрузхон Жўрабоевага вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров томонидан вилоят ҳокимлигининг ташаккурномаси ҳамда пул мукофоти тантанали равишда топширилди.
Дилафрузхон Жўрабоева 2024 йилда Microsoft компаниясининг Ўзбекистондаги илк амбассадори сифатида эътироф этилган. Шунингдек, у АҚШнинг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири — Rice университетига 420 минг АҚШ доллари миқдоридаги тўлиқ грант асосида қабул қилиниб, мазкур университетда таҳсил олаётган илк ўзбекистонлик талабага айланган.
2026 йилда эса у мамлакатимизнинг энг юксак эътирофларидан бири ҳисобланган Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди.
Эркин дастурий таъминот муҳандиси, шунингдек, MehrGO лойиҳаси асосчиси сифатида Дилафрузхон Жўрабоева халқаро танлов ва лойиҳаларда ҳам фаол иштирок этиб, қатор нуфузли ютуқ ва совринларни қўлга киритиб келмоқда.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Дилафрузхон Жўрабоеванинг эришган юқори натижалари, халқаро таълим майдонидаги муваффақиятлари ҳамда етакчилик салоҳияти минглаб ёшлар, айниқса, қизлар учун муносиб намуна эканини алоҳида таъкидлади.
Шу билан бирга, унинг камолоти ва ютуқларида муносиб ҳисса қўшган ота-онаси ҳамда устозларига самимий миннатдорлик изҳор этилди.






