Президент топшириғи амалда: экологик тоза ва яшил технологиялар асосида қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи замонавий корхона иш бошлади
2026-06-25 20:50:00 / Янгиликлар

Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, "BNBM" компанияси бош директори ўринбосари Сюй Цянь, компания вакиллари, маҳаллий ҳамда хорижий инвесторлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Очилиш маросимида сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров меҳмонларни қутлаб, мазкур лойиҳа Фарғона вилояти саноати ва иқтисодиёти тараққиётида муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстона муносабатлар, стратегик шериклик ва ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда. Давлат раҳбарларининг оқилона сиёсати туфайли икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ва инвестициявий алоқалар янги босқичга кўтарилди.
Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ва инвестиция ҳамкорларидан бири ҳисобланади. "Қўқон" эркин иқтисодий зонасида амалга оширилган мазкур лойиҳа ана шу мустаҳкам ҳамкорликнинг амалий ифодаси сифатида эътироф этилди.
Умумий қиймати 5,5 миллион долларни ташкил этувчи лойиҳага тўлиқ хорижий инвестициялар жалб қилинган бўлиб, корхонада Хитойнинг замонавий ва юқори технологияли ускуналари ўрнатилди.
Мазкур корхонанинг ишга туширилиши бугун Президент Шавкат Мирзиёев раислигида қурилиш материаллари тармоғини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифаларга ҳамоҳанг бўлди.
Лойиҳа доирасида корхонада йилига 100 минг тонна қуруқ қурилиш қоришмалари ва 10 минг тонна кенгайтирилган перлит маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконияти яратилди. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 37,7 миллиард сўмни ташкил этиши кутилмоқда.
Ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг 70 фоизи ички бозорга етказиб берилади, 30 фоизи эса ташқи бозорларга экспорт қилинади. Натижада корхонанинг йиллик экспорт салоҳияти 3 миллион долларга етиши прогноз қилинмоқда.
Энг муҳими, корхонада экологик жиҳатдан хавфсиз ва тоза, яшил технологиялар жорий қилинган бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнида атроф-муҳитга зарарли чиқиндилар чиқарилмаслиги қайд этилди.Бу давлатимиз раҳбари томонидан берилган топшириқларнинг ижросидир.
Вилоят ҳокими ушбу муҳим инвестиция лойиҳасини амалга оширишга ҳисса қўшган "BNBM" компанияси раҳбариятига, хусусан, компания раҳбарлари Сюй Цянь ва Доу Шан Фенгга, барча ҳамкорларга миннатдорлик билдирди.
Фарғона вилояти ҳокимлиги инвесторларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш ва янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги ишларни изчил давом эттириши қайд этилди.
Тадбирда "BNBM" компанияси бош директори ўринбосари Сюй Цянь ҳам сўз олиб, Ўзбекистонда хусусан, Фарғонада инвесторлар учун яратилган қулай шароитлар ва билдирилган ишонч учун миннатдорлик билдирди. У амалга оширилган ишлар, ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида маълумот бериб, ҳамкорлик янада кенгайишини таъкидлади.
Шундан сўнг рамзий лента қирқилиб, корхонанинг янги ишлаб чиқариш линияси расман ишга туширилди.
Меҳмонлар корхона фаолияти, замонавий технологик жараёнлар ва ишлаб чиқариш қувватлари билан яқиндан танишдилар.









