“Ҳаваскорлар лигаси” Фарғонанинг анъанавий футбол мусобақасига айланмоқда
2026-06-23 20:25:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Данғара туманида Улуғбек Ёдгоров билан учрашди. Унда лиганинг бугунги фаолияти, мусобақаларни ташкил этиш жараёнлари ва келгусидаги режалар ўртоқлашилди.
Ўтган йилда “Ҳаваскорлар лигаси” доирасида маҳаллалардан 107 та жамоа иштирок этди ҳамда жами 276 та учрашув ташкил этилди. Мусобақаларда 3 мингдан ортиқ футболчи қатнашиб, футболга қизиқувчи мухлислар сони ҳам сезиларли даражада ошди.
Жорий йилги “Ҳаваскорлар лигаси – 2026” кубок мусобақаси учун очиқ эълон берилиб, 76 та жамоа иштирок этиш учун қабул қилинди. Айни пайтда маҳаллаларда қизғин беллашувлар давом этмоқда. Мусобақанинг кейинги босқичлари вилоятда миқёсида ўтказилади.
Данғара туманида футболга қаратилаётган эътибор натижасида маҳаллаларда 18 та янги ўйингоҳ барпо этилди. Бу эса аҳоли, айниқса ёшлар учун спорт билан мунтазам шуғулланиш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Вилоят ҳокими бундай мусобақалар маҳаллалардан янги иқтидорли футболчиларни кашф этиш, футболни ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади. Шу билан бирга, “Ҳаваскорлар лигаси”ни янада юқори савияда ташкил этиш ҳамда бу борадаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ишлари изчил давом эттирилишини билдирди.
Учрашувда тадбиркор томонидан Аравон маҳалласида барпо этилаётган замонавий спорт мажмуаси лойиҳаси ҳақида ҳам маълумот берилди.




