Фарғонада Ёшлар куни кўтаринки руҳ ва катта шодиёналар билан нишонланмоқда
2026-06-22 23:55:00 / Янгиликлар

Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, турли соҳаларда фаолият юритаётган иқтидорли ёшлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирни очиб берган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров барча ёшларни байрам билан самимий табриклаб, мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати юксак натижалар бераётганини таъкидлади. Бугун Ўзбекистоннинг ёшлар сиёсати халқаро миқёсда ҳам эътироф этилаётгани, юртимиз тажрибаси кўплаб давлатларда катта қизиқиш уйғотаётгани қайд этилди.
Шунингдек, Фарғонада бошланган “Ёш тинчликпарварларнинг чегараолди ҳамкорлик ташаббуси” мавзусидаги халқаро семинарнинг аҳамиятига тўхталиб, мазкур мулоқот майдони ёшлар ўртасида дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Тадбирда юртимиз аҳолисининг салмоқли қисмини ёшлар ташкил этиши, уларнинг сифатли таълим олиши, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши, ўз иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқариши учун барча шароитлар яратилаётгани алоҳида қайд этилди.
Вилоят раҳбари Фарғона замини азалдан илм-фан ва маърифат марказларидан бири бўлиб келганини, бу юртдан кўплаб буюк алломалар ва мутафаккирлар етишиб чиққанини таъкидлаб, ёшларни ана шу улуғ аждодларга муносиб ворис бўлишга чақирди.
Тантанада фаол ва иқтидорли ёшларнинг эришган ютуқлари ҳам эътироф этилди. Жумладан, Дилафруз Собированинг Гарвард университетига ўқишга қабул қилингани, Дилафруз Жўрабоеванинг эса “Microsoft” компаниясининг Ўзбекистондаги илк амбассадори сифатидаги фаолияти фахр билан тилга олинди.
Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ҳам йиғилганларни байрам билан қутлаб, фағоналик ёшларнинг билим ва салоҳиятига юқори баҳо берди ҳамда уларни янги марралар сари дадил интилишга чақирди.
Тадбир давомида таълим, илм-фан, спорт, маданият ва жамоатчилик соҳаларида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ илғор ёшлар муносиб тақдирланди. Ёшлар ва уларнинг яқинлари мамлакатимизда яратилаётган имкониятлар учун Президентимизга миннатдорлик изҳор этдилар.
Юз мингдан ортиқ ёшлар иштирок этган шукуҳли байрам кечаси таниқли санъаткорлар иштирокидаги гала-концерт дастури билан давом этди.
Кеча якунидаги осмон узра порлаган ранг баранг ва ёрқин мушаклар барчада катта таассурот қолдирди.









