“Ёшлар ташаббуслари марафони” Фарғонада
2026-06-22 21:15:00 / Янгиликлар

Хусусан, Фарғона шаҳридаги Аҳмад ал-Фарғоний номидаги истироҳат боғида марафон доирасида тантанали тадбир ташкил этилди. Унда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, вилоят ҳокимининг ўринбосари Шерзод Полвонов иштирок этдилар. Ёшлар билан мулоқотлар ўтказилиб, уларнинг ташаббуслари, ғоялари ва ютуқлари билан яқиндан танишилди.
“Ёш тинчликпарварларнинг чегараолди ҳамкорлик ташаббуси” мавзусидаги халқаро семинар доирасида вилоятмизда бўлиб турган БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе ҳам ушбу тадбирда қатнашиб, ташаббусларга катта қизиқиш билдирди.
Истироҳат боғи ҳудудида китобхонлик, тадбиркорлик ва бандлик, сунъий интеллект, стартаплар ҳамда бошқа турли йўналишларда павильонлар ташкил этилди. Уларда ёшлар ўз лойиҳалари, ишланмалари ва имкониятларини кенг жамоатчилик ҳамда меҳмонлар эътиборига ҳавола қилдилар.
Фаол ёшлар, танлов ва лойиҳалар ғолиблари муносиб тақдирланди.
Тадбир давомида ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, ижодий фикрлаши ва ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг инновацион ғоялари ва истиқболли лойиҳаларини рўёбга чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мутахассислар ва соҳа вакиллари иштирокидаги учрашувлар ҳамда очиқ мулоқотлар ёшлар учун янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш имконини берди.
Тадбирлар давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олиб, келгусидаги режа ва ташаббусларини амалга ошириш юзасидан зарур тавсияларга эга бўлдилар.









