Ҳар бир йўналишдаги натижалар аҳоли фаровонлигига хизмат қилиши керак
2026-06-22 20:25:00 / Янгиликлар

Йиғилишда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, энг аввало, инсон манфаати, аҳоли турмуш даражаси ва ҳаёт сифатини юксалтиришга қаратилганини таъкидлади. Шу билан бирга, Тошлоқ туманида мавжуд иқтисодий салоҳият ва имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётгани, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ишларини янада кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Вилоят ишчи гуруҳлари томонидан тумандаги барча соҳалар кесимида белгиланган вазифалар ижроси танқидий-таҳлилий асосда ўрганилди. Йиғилишда вилоят ҳокими ўринбосарлари, тегишли бошқарма ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари эшитилиб, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Тумандаги 51 та маҳалла асосан деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларига ихтисослашгани қайд этилди. Шу билан бирга, атиргулчилик, кўчатчилик, кичик ишлаб чиқариш, иссиқхона хўжаликлари ташкил этиш каби янги йўналишларни ривожлантириш бўйича топшириқлар берилди.
Ҳудудни ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш мақсадида жорий йилда 34 минг 334 нафар аҳоли бандлигини таъминлаш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар қарийб 20 минг нафар фуқаро доимий ва даромадли иш ўринлари билан таъминланди.
Йиғилишда аҳоли бандлиги, даромад манбаларини кўпайтириш, инвестиция лойиҳаларини жадал амалга ошириш, қурилиш ва коммунал соҳадаги ишлар самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалигида юқори натижадорликка эришиш ҳамда ҳудудни камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, оилавий ажримлар ҳолатини камайтириш ҳамда маҳаллаларда ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлаш масалалари ҳам таҳлил қилинди.
Йиғилиш якунида вилоят раҳбари ҳар бир маҳаллада аҳоли бандлиги ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга хизмат қилувчи ихтисослашган марказларни ташкил этиш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берди. Барча соҳалар бўйича белгиланган вазифалар ижроси қатъий назоратга олиниши таъкидланди.






