Фарғона тинчлик ва дўстлик мулоқотлари марказига айланмоқда
2026-06-22 14:55:00 / Янгиликлар

Мазкур анжуманда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Иттифоқи, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари, экспертлар ва мутахассислар, Қирғиз Республикасининг Боткен ва Ўш вилоятлари, Тожикистон Республикасининг Сўғд вилояти ҳамда Фарғона водийсидан келган фаол ёшлар иштирок этди.
Фарғона давлат университетида бўлиб ўтган очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров сўз олиб, мазкур тадбир минтақа давлатлари ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Каҳа Имнадзе, ЕХҲТ раисининг махсус вакили Серге Румин, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Антти Карттунен ҳамда халқаро экспертлар минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, ёшлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб жиҳатлари ҳақида фикр билдирдилар.
Марказий Осиёда тинчлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлашда ёшларнинг ўрни беқиёс эканини алоҳида таъкидладилар. Ёш авлод минтақа давлатлари ўртасидаги ҳамжиҳатлик, дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларининг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.
Тадбир давомида Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ҳам сўзга чиқиб, мазкур халқаро семинар минтақа ёшлари ўртасидаги мулоқотни янада фаоллаштириш ҳамда Марказий Осиёда тинчлик, бағрикенглик ва барқарор тараққиёт ғояларини кенг тарғиб этишга қаратилган муҳим ташаббус эканлигига эътибор қаратди.
Халқаро семинар ўз ишини 25 июнга қадар давом эттиради. Унинг доирасида қатор мулоқотлар, муҳокамалар ва ҳамкорлик ташаббусларини ишлаб чиқишга қаратилган тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.








