Қува — ҳар томонлама ривожланган, ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айланади
2026-06-19 21:40:00 / Янгиликлар

Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар ўз самарасини бераётганлиги, бу борада манзилли дастурлар ишлаб чиқилиб, тизимли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.
Катта иқтисодий салоҳиятга эга Қува туманида мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, ички ресурсларни сафарбар этиш ва янги ўсиш нуқталарини шакллантириш долзарб вазифа ҳисобланади. Айниқса, кўчатчилик, боғдорчилик ва атиргулчилик йўналишлари кўплаб маҳаллаларда аҳолининг барқарор даромад манбаига айланиб улгургани қайд этилди.
Жорий йилда туманда 39,8 минг нафар аҳолини иш билан таъминлаш белгилангани, шунингдек, ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилгани таъкидланди. Бироқ айрим йўналишларда белгиланган вазифалар ижроси талаб даражасида эмаслиги танқидий таҳлил қилинди.
Йиғилишда аҳоли бандлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, инвестиция, туризм ҳамда ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган ишлар атрофлича кўриб чиқилди.
Вилоят ишчи гуруҳлари томонидан туманни комплекс ўрганиш якунлари муҳокама қилиниб, масъул раҳбар ва мутасаддиларнинг ахборотлари эшитилди.
Давлатимиз раҳбарининг қарорига мувофиқ Қува туманига “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман” мақоми берилган бўлиб ҳудудда барча соҳаларни қамраб олган кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Шунингдек, йиғилишда жиноятчиликнинг олдини олиш, хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, маҳаллаларда ижтимоий барқарорликни таъминлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунида ҳар бир соҳа кесимида манзилли чора-тадбирларни белгиланган муддатларда ва самарали амалга ошириш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.






