Фарғонада тиббиёт соҳасида йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда
2026-06-18 16:20:00 / Янгиликлар

Мулоқотда Фарғона вилоятида давлат-хусусий шериклик асосида замонавий кўп тармоқли шифохона қуриш ҳамда унга туташ ҳудудда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Вилоятда 800 ўринли замонавий кўп тармоқли шифохонани халқаро стандартлар асосида барпо этиш, уни энг сўнгги тиббий жиҳозлар билан таъминлаш ва узоқ муддатли техник хизмат кўрсатишни назарда тутувчи давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича амалий ишлар фаол босқичга кирди.
Вилоят ҳокими мазкур ташаббус Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик механизмларини кенг жорий этиш ва соғлиқни сақлаш соҳасини модернизация қилишга қаратилган ислоҳотлар доирасида амалга оширилаётганини таъкидлади. Бу тиббиёт соҳасида давлат-хусусий шериклик асосида ҳаётга татбиқ этилаётган энг йирик лойиҳалардан бири ҳисобланади.
Мулоқотда янги тиббиёт мажмуаси нафақат Фарғона вилояти, балки бутун Фарғона водийси ва қўшни давлатлар аҳолиси учун ҳам юқори технологияли ва малакали тиббий хизматлар кўламини кенгайтиришга хизмат қилиши қайд этилди. Шу билан бирга, мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши ҳудудда тиббиёт туризмини ривожлантириш ва қўшимча инвестицияларни жалб этиш учун мустаҳкам замин яратиши таъкидланди.
Омар Ал-Мидани Фарғона вилоятида тиббиёт соҳасини ривожлантириш учун зарур инфратузилма ва мустаҳкам база шаклланганини алоҳида эътироф этиб, бу омиллар лойиҳани самарали амалга оширишга хизмат қилишини билдирди.
Лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 300 миллион долларни ташкил этади. Давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган мазкур мега-лойиҳа Марказий Осиёдаги энг йирик соғлиқни сақлаш объектларидан бирига айланиши кутилмоқда.
Шунингдек, учрашув давомида компания томонидан шифохона атрофида қўшимча инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, тиббиёт туризмини ривожлантириш ва замонавий хизматлар инфратузилмасини яратиш бўйича таклифлар ҳам ишлаб чиқилгани айтилди.
Учрашув якунида вилоят ҳокими инвесторлар томонидан амалга оширилаётган барча лойиҳалар ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини таъкидлади.
Лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, шунингдек, янги ташаббуслар бўйича алоҳида “йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, амалий ишлар бошланиши юзасидан келишувга эришилди.


