Марғилонда имкониятларни тўлиқ ишга солиш ҳудуд ривожига хизмат қилади
2026-06-15 09:10:00 / Янгиликлар

Йиғилишда аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, шаҳарни ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш, тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, ободонлаштириш ва коммунал хизматлар сифатини яхшилаш борасида олиб борилаётган ишлар танқидий-таҳлилий руҳда кўриб чиқилди.
Муҳокамалар давомида маҳаллалардаги мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётгани, айрим йўналишларда ишлар тизимли ташкил этилмагани қайд этилди. Шу муносабат билан “маҳалла еттилиги” фаолияти самарадорлигини ошириш, ҳар бир ҳудуднинг иқтисодий ўсиш нуқталарини аниқлаш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш лойиҳаларини кўпайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Қадимий ва навқирон Марғилон шаҳрида тадбиркорлик, ҳунармандчилик, тикувчилик, мебелчилик, чарм-пойабзал саноати, касаначилик ва хизмат кўрсатиш каби соҳаларни ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги қайд этилди. Ушбу салоҳиятдан самарали фойдаланиш, янги лойиҳаларни шакллантириш, бунда хорижда юрган ватандошлар билан ҳам ҳамкорликни кенгайтириш ва тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалалари кун тартибидан ўрин олди.
Йиғилишда ижтимоий соҳадаги муаммолар ва жиноятчилик ҳолатлари ҳам атрофлича таҳлил қилиниб, уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш юзасидан таъсирчан чоралар кўриш зарурлиги таъкидланди. Айниқса, ёшлар, хотин-қизлар ва меҳнат миграциясидан қайтган фуқаролар билан манзилли ишлаш, оилаларни қўллаб-қувватлаш, таълим ва мактабгача таълим қамровини кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди.
Шаҳарни ободонлаштириш, жамоат транспорти тизимини такомиллаштириш ҳамда туризм соҳасининг мавжуд имкониятларидан мақсадли фойдаланиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди. Махсус штаб ва ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, тизимли мониторинг ва қатъий назорат ўрнатилиши маълум қилинди.
Йиғилишда аҳолининг амалга оширилаётган ислоҳотлардан розилигини таъминлаш ҳар бир раҳбар фаолиятининг асосий мезони бўлиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбир давомида мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари эшитилди. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган манзилли чора-тадбирлар белгилаб берилди.






