Жанубий Кореянинг нуфузли университети билан қўшма таълим дастурлари амалга оширилади
2026-06-10 12:55:00 / Янгиликлар

Мулоқотда ўтган йили вилоят ҳокими бошчилигидаги делегациянинг Жанубий Кореяга амалга оширган ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалий босқичга олиб чиқиш, олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, малакали ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Фарғона давлат техника университети ва Қўқон университети билан сунъий интеллект ҳамда ахборот технологиялари соҳасида қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, мактаб битирувчиларини олий таълимга йўналтириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Саноат ва илм-фан интеграциясини Кореянинг илғор тажрибаси асосида мустаҳкамлаш, “IT Park” Фарғона вилояти филиали билан амалий ҳамкорликни ривожлантириш, саноат корхоналари учун рақамли технологиялар ва сунъий интеллект йўналишларида юқори малакали маҳаллий мутахассислар тайёрлаш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув давомида 16–18 июнь кунлари бўлиб ўтадиган V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Фарғона вилоятида бўлиб турган инвесторлар томонидан қатор ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, инвестицияларни жалб қилиш, таълим ва спорт соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда иқтидорли талабалар учун грант дастурларини йўлга қўйиш, бизнес муҳитини ривожлантиришда дуал таълимдан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, лифт ишлаб чиқаришни ташкил этиш, маҳаллий тадбиркорларни Ўзбекистон—Корея бизнес уюшмаси фаолиятига жалб қилиш, шунингдек, “Нефтчи” футбол клуби билан Жанубий Корея клублари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Вилоят раҳбари билдирилган ташаббус ва таклифларни қўллаб-қувватлашини таъкидлаб, ҳамкорлик жараёнларида фаол иштирок этиб келаётган “AHA Co., Ltd” компанияси раҳбари Ку Ги Дога алоҳида миннатдорлик билдирди.
Учрашув якунида SeoulTech университети, Фарғона давлат техника университети ҳамда “IT Park” Фарғона вилояти филиали ўртасида англашув меморандуми имзоланди.
Корея компанияси раҳбари Ку Ги Дога Фарғона вилояти ҳокимининг сунъий интеллект ва рақамлаштириш технологияларини жалб қилиш масалалари бўйича махсус маслаҳатчиси гувоҳномаси топширилди.






