Фарғона вилоятида кимё саноатини ривожлантириш бўйича янги лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда
2026-06-04 20:20:00 / Янгиликлар

Йиғилишда соҳани янги босқичга олиб чиқиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида бугун Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамда мутасадди раҳбарлар “Чирчиқ” кимё-индустриал технопаркида бўлиб, у ердаги корхоналар фаолияти билан яқиндан танишди.
Бугунги кунда “Чирчиқ” кимё-индустриал технопарки мамлакатимиз кимё саноатидаги янги авлод саноат майдонларидан бири сифатида шаклланиб улгурган. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 3 февралдаги қарори асосида ташкил этилган мазкур технопарк кимё маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, илғор технологияларни жорий этиш ва маҳаллий ҳамда хорижий инвесторлар учун қулай бизнес муҳитини яратишга хизмат қилмоқда.
Умумий майдони 26,4 гектарни ташкил этувчи технопарк ҳудудида муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва замонавий инфратузилмани барпо этиш учун 25 миллион доллар маблағ йўналтирилган.
Технопаркнинг иқтисодий самарадорлиги ҳам юқори суръатларда ўсмоқда. Хусусан, 2025 йил давомида 56 миллион долларлик инвестициялар ўзлаштирилиб, 758 та янги иш ўрни яратилди. Корхоналар томонидан 150 дан ортиқ турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилиб, уларнинг умумий қиймати 60 миллион доллардан ошди.
Келгусида технопаркни янада кенгайтириш ва уни мамлакат кимё саноатининг муҳим драйверларидан бирига айлантириш режалаштирилган. Жумладан, 2030 йилга қадар инвестициялар ҳажмини 207 миллион долларга, товар маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 294 миллион долларга, экспорт кўрсаткичларини 48 миллион долларга етказиш ҳамда яратиладиган иш ўринлари сонини 2 минг 300 тага ошириш мақсад қилинган.
Технопарк тажрибасини ўрганиш асосида вилоятда кимё саноатида янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш чоралари белгиланди.









