Фарғонада етиштирилган гилос ҳамда илк бор ўрик ва шафтоли Малайзия бозорига етказиб берилди
2026-06-01 14:55:00 / Янгиликлар

Ушбу экспорт ташаббуси Малайзияда март ойида очилган Фарғона савдо уйи томонидан "Quva Agrostar" ҳамда "KK24" корхоналари ҳамкорлигида амалга оширилди. Маҳсулотлар Малайзия бозорининг талаблари ва сифат стандартларига мувофиқ ҳолда тайёрланиб, халқаро логистика тизими орқали етказилди.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров мазкур экспорт маҳсулотлари билан яқиндан танишди ҳамда бу қадам икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишини таъкидлади. Шунингдек, келгусида экспорт ҳажмини ошириш, маҳсулот турларини кенгайтириш ва Малайзия бозорида барқарор етказиб бериш занжирини йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.
Мазкур ташаббус Фарғона вилояти қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг халқаро бозорга чиқиш имкониятлари кенгайиб бораётганини яна бир бор намоён этди.









