Фарғона гилоси ва ўриги жаҳон бозорларига замонавий қадоқларда
2026-05-26 13:50:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда Фарғонада 55 минг гектар боғ ва токзор мавжуд. Бу йил 611 минг тонна мева экспорт қилиш, мева-сабзавот экспорти ҳажмини 500 миллион долларга етказиш мақсад қилинган. Вилоятда кейинги йилларда 15 минг гектар саноатлашган боғ ва токзор яратилгани, кам ҳосилли 6 минг гектар мевали боғ янгилангани бу борадаги имкониятларни янада кенгайтиради.
Қува туманида 6,5 минг гектар мевали боғ бор ва унинг 1,2 минг гектари интенсив боғлардир. Шу кунларда тумандаги 38 та экспортёр корхоналар томонидан 11 та давлатга гилос ва ўрик экспорти амалга ошириляпти. Қува тумани Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўлими инспекторлари даладан – эспортгача бўлган барча жараёнда боғдорчилик хўжаликлари ҳамда тадбиркорлик субъектларига яқин кўмакдош бўлмоқдалар. Эътиборлиси, бу йил илк бор АҚШ, Япония, Жанубий Кореяга Қува мевалари экспортга жўнатилиб, йирик савдо тармоқларида харидоргир маҳсулотга айланди.
Айни кунларда Олтиариқ туманида ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари – ўрик ва гилос экспорти қизғин давом этмоқда. Бу йил туманда 6 минг 500 тонна сиғимли 7 та музлатгичли замонавий омборхона ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, бу мева-сабзавотларни сифатли сақлаш ва йил давомида экспорт қилиш имконини беради.
Фарғона вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси масъуллари бу борадаги ишлар салмоғини янада оширишда яқин кўмакдош. Аввалги йиллари туманда атига битта экспортга кўмаклашувчи марказ фаолият кўрсатган эди. Бу йилдан Олтиариқда бундай марказлар сони 3 тага етказилди.
Таъкидлаш жоизки, ўтган йили вилоятимизда етиштирилган мева-сабзавотлар дунёнинг 60 дан ортиқ давлатига экспорт қилинган. 2025 йили биргина гилос экспорти ҳажми 29,8 миллион АҚШ долларини ташкил этган эди. Бу йил вилоятда мазкур кўрсаткичларни сон ва сифат жиҳатдан янада ошириш имкони борлиги тармоқнинг иқтисодий салоҳияти юқори эканини кўрсатади.




