Япон бозорида Фарғонада етиштирилган мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси ошмоқда
2026-05-26 13:05:00 / Янгиликлар

Сафар доирасида йирик компаниялар ва ишбилармон доиралар вакиллари билан учрашувлар ўтказиш, ҳудудлараро савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бугун Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонасида “Washin Trading Co., Ltd.” компанияси раҳбари Рамзан Сиддиқ билан учрашув ўтказди. Унда
Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов ҳам иштирок этди.
Учрашувда Фарғона вилоятида етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларини Япония бозорига тизимли равишда етказиб бериш, экспорт ҳажмини ошириш ва ҳамкорлик кўламини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур компания томонидан Фарғонада етиштирилган узум ва анор маҳсулотлари биринчилардан бўлиб Япониянинг йирик савдо тармоқларида сотувга чиқарилган. Энди эса ушбу йўналишни янада кенгайтириш, маҳсулот турларини кўпайтириш ва етказиб бериш ҳажмини ошириш режалаштирилмоқда.
Вилоят ҳокими Ўзбекистон мевалари табиий ширинлиги, юқори сифати ва экологик тозалиги билан ташқи бозорда талаб юқорилиги, хусусан, Фарғонада етиштирилган мева ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт географияси кенгайиб бораётганлигини қайд этди.
Компаниянинг "Quva Agro Star" билан ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган ишлари юқори баҳоланди.
Мулоқот давомида келгусида япон бозорига кўкатлар, малина, гилос, қуритилган мевалар каби маҳсулотлар экспорт ҳажмини ошириш, қўшма лойиҳаларни ишга тушириш ва логистика занжирини такомиллаштириш бўйича келишувга эришилди.
Маълумот учун, "Washin Trading Co., Ltd" Японияда фаолият юритувчи компания бўлиб, асосан ҳалол озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилиш ва уларни ички бозорда тарқатиш билан шуғулланади.




