Марғилон шаҳридаги “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуасида навбатдаги босқичдаги янги йирик лойиҳалар қурилишига старт берилди
2026-05-25 12:45:00 / Янгиликлар

Мажмуа қурилишининг иккинчи босқичи доирасида ҳудудда замонавий Илмий тадқиқот маркази барпо этилиши режалаштирилган бўлиб, унда кутубхона, маъмурий хоналар, махсус тадқиқот ва иш хоналари, архив, семинар ва кўргазма заллари ҳамда “Ҳидоя” китоби монументи жой олади.
Шунингдек, мажмуа ҳудудида 1 минг 500 ўринли муҳташам Анжуманлар саройи — Конгресс хол қурилиши ҳам кўзда тутилган.
Фиқҳшунослик йўналишига ихтисослашган олий таълим муассасасининг барпо этилиши эса нафақат вилоят, балки мамлакатимиз илмий-маърифий ҳаётида муҳим тарихий воқеа сифатида баҳоланмоқда.
Тадбир доирасида вилоят ҳокими, нуронийлар, фаоллар ва масъул раҳбарлар иштирокида ўтган самимий мулоқотда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари ва янги лойиҳаларнинг аҳамияти ҳақида сўз борди.
Мутасаддилар томонидан барча қурилиш ишларини ўз вақтида ва юқори сифатда амалга ошириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Нуронийлар юртимизда олиб борилаётган эзгу ва хайрли ишлар учун миннатдорлик билдириб, янги лойиҳалар эл-юрт манфаатига хизмат қилишини тиладилар.
Яхши ниятлар ижобатини сўраб дуолар қилиниб, қурилиш ишларига киришилди.




