Фарғона делегацияси Беларуснинг чорвачиликдаги илғор тажрибасини ўрганмоқда
2026-05-21 22:25:00 / Янгиликлар

Дастур доирасида ҳудудларнинг иқтисодий ва аграр салоҳияти билан танишиш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугун вилоят делегацияси таркибидаги чорвачилик ва аграр соҳа йўналишидаги фермерлар ҳамда тадбиркорлар Гомель вилоятининг энг ривожланган ҳудудларидан бири — Мозир туманидаги энг етакчи ва стратегик аҳамиятга эга корхона — «Криничная» экспериментал базаси давлат унитар корхонасида бўлдилар.
Мазкур йирик мажмуа нафақат Беларусда, балки МДҲ миқёсида элита навли маккажўхори уруғларини етиштириш, замонавий сут-товар комплексларини бошқариш ва юқори маҳсулдор йирик шохли қорамолларни парваришлаш бўйича катта тажрибага эга.
Делегация Криничний агрогородокида жойлашган сут-товар комплекси фаолияти, наслчилик ишлари ва маккажўхорини саралаш заводидаги технологик жараёнларни бевосита кўздан кечирдилар.
Мулоқотларда иқлим шароитларидан келиб чиқиб озуқа базасини яратиш, гўшт ва сут маҳсулдорлигини оширишда замонавий рационлардан фойдаланиш ҳамда икки ҳудуд чорвадорлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш бўйича фикр алмашилди.
Чорвадорлар билан соҳада илғор технологияларни жорий этиш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Ушбу манзилларга ташриф вилоятимизда чорвачилик тармоғини янада модернизация қилиш ва маҳсулот ҳажмини оширишда муҳим аҳамият касб этади.









