Фарғона ва Гомель: ҳудудлараро ҳамкорликнинг янги босқичи
2026-05-21 08:20:00 / Янгиликлар

Мулоқот чоғида Фарғона ва Гомель вилоятлари ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни изчил ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Беларусь ҳудудлари, хусусан, Гомель вилояти Фарғона учун стратегик шерик эканлигини ва икки томонлама муносабатлар жадал суръатлар билан кенгаяётганини алоҳида таъкидлади.
Икки ҳудуд бизнес доираларининг фаол шериклиги натижасида сўнгги йилларда товар айланмаси сезиларли даражада ошгани эътироф этилди.
Гомель вилояти ижроия қўмитаси раиси Иван Крупко фарғоналик ҳамкорларнинг ХХ Гомель иқтисодий форумида иштирок этаётгани учун миннатдорлик билдириб, келгусидаги муносабатлар йирик корхоналар ва тадбиркорлар ташаббусларига таянишини қайд этди.
Учрашув давомида наслдор чорвачиликни ривожлантириш ва маҳсулотларни қайта ишлаш занжирини йўлга қўйиш, замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари ва илғор технологияларни амалиётга жорий этиш, машинасозлик ва ёғочни қайта ишлаш соҳаларида ўзаро тажриба алмашиш ва қўшма корхоналар ташкил этиш, ижтимоий соҳа, маданият ва туризм йўналишларида янги алоқаларни кенгайтириш борасида фикрлар билдирилди. Шунингдек, фарғоналик тадбиркорлар томонидан Гомельда чорвачилик ва бошқа йўналишларда ҳам амалий ишлар бошлаб юборилгани мамнуният билан айтиб ўтилди.
Яқин истиқболдаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.




