Фарғона вилояти делегацияси Беларуснинг машҳур "Рогачёв сут-консерва комбинати"да бўлди
2026-05-21 08:10:00 / Янгиликлар

Делегация аъзолари корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ассортименти, корхонада хомашё сифатини назорат қилиш, автоматлаштирилган қадоқлаш тизимлари ва халқаро озиқ-овқат хавфсизлиги стандартларининг жорий этилиши билан танишдилар.
Корхона раҳбарияти билан мулоқотда Гомель вилоятидан сут ва сут маҳсулотлари, хусусан, қуюлтирилган сут, қаттиқ пишлоқлар ва қуруқ сут кукуни етказиб бериш ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур корхона Беларусь Республикаси сут маҳсулотларини қайта ишлаш саноатининг энг йирик ва бой тарихга эга етакчи корхоналаридан биридир.
Корхона 85 йилдан ортиқ давр мобайнида ўз анъаналари ва юқори сифат стандартларини сақлаб келмоқда. Комбинат ва унинг филиалларида бугунги кунда 100 дан ортиқ номдаги юқори сифатли маҳсулотлар тайёрланади. Улар қаторига сут консервалари, сариёғ, қаттиқ ва ярим қаттиқ пишлоқлар, яхна сут маҳсулотлари, қуруқ сут кукунлари ва болалар озуқаси киради.
Маҳсулотлар экологик тоза ҳудудлардан келтириладиган, махсус аккредитациядан ўтган «Экстра» навли олий сифатли сутдан тайёрланади. Корхона маҳсулотлари кўплаб халқаро кўргазмалар ва «Давлат сифат белгиси» совриндори ҳисобланади.
Фарғона вилояти делегациясининг корхонага ташрифи икки томонлама савдо алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш ва вилоятимиз аҳолиси учун сифатли маҳсулотлар импортини кенгайтиришда муҳим қадам бўлди.









