Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Германиянинг “GLOTECH” компанияси директорлар кенгаши аъзоси Евгений Суперфинни қабул қилди
2026-05-18 21:05:00 / Янгиликлар

“GLOTECH” компанияси мутахассислари томонидан объектларда энергия аудитлари ўтказилиб, электр таъминоти, иситиш, вентиляция ва совитиш тизимларининг техник ҳолати чуқур таҳлил қилинади. Шу асосда энергия сарфини қисқартириш, ускуналар самарадорлигини ошириш ҳамда замонавий энергия тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади.
Шунингдек, лойиҳаларда IT технологиялари ва сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланилади.
Мулоқотда германиялик меҳмонлар Ўзбекистонда, хусусан, Фарғонада қулай инвестицион муҳит яратилганини, ишчи кучи ҳам етарли эканини алоҳида таъкидладилар. Шу билан бирга, келгусида малакали мутахассислар тайёрлаш масалаларида фикр алмашилди.
Немис компанияси томонидан вилоятимизда олиб борилган ўрганишлар, истиқболда кўзда тутилган режалар ҳақида маълумот берилди.
Учрашувда илгари сурилаётган лойиҳа мувафаққиятли бўлишига ишонч билдирилиб, ўзаро ҳамкорликни жадал ривожлантириш юзасидан келишиб олинди.


