Мурожаатлар билан ишлаш янги босқичда
2026-05-15 15:55:00 / Янгиликлар

Йиғилишда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, котибият мудирлари, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Шунингдек, шаҳар ва туманлар ҳокимлари ҳамда тегишли масъуллар видеоконференцалоқа орқали қатнашди.
Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 13 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, Халқ қабулхоналари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш бўйича берилган топшириқлар муҳокама қилинди.
Йиғилишда мурожаатлар билан ишлаш бўйича Қарши шаҳри тажрибаси мисолида амалий тушунтиришлар берилди. Хусусан, мурожаатларни турига қараб ажратиш, ҳар бир ҳудудда штаблар ташкил этиш, кунлик мониторинг юритиш ва назоратни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Масъулларга ҳар бир мурожаатни чуқур ўрганиш, унинг илдизини аниқлаш, аҳоли муаммоларига бефарқ бўлмасдан ечим топиш бўйича қатъий вазифалар юклатилди. Шунингдек, ариза ва шикоятлар билан ишлашда тизимли ёндашувни йўлга қўйиш, ижобий ҳал этиш кўрсаткичларини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда раҳбарлар томонидан мурожаатларни эътиборсиз қолдириш ҳолатлари аҳоли томонидан ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётгани, бу эса давлат ташкилотларига бўлган ишончга салбий таъсир кўрсатаётгани қайд этилди.
Шунингдек, аҳоли мурожаатлари билан ишлашда маҳалла еттилиги олдида турган вазифалар аниқ белгилаб берилди. Қува тумани мисолида мурожаатлар таҳлил қилиниб, мавжуд камчиликлар ва уларни бартараф этиш чоралари кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш, ҳар бир мурожаатнинг ижобий ечимини таъминлаш ҳамда масъулларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.



