Аждодлар хотирасига юксак эҳтиром
2026-05-09 11:00:00 / Янгиликлар

Ушбу қутлуғ сана аждодлар хотирасига эҳтиром, фахрийларга юксак эътибор ва тинчлик қадрини улуғлаш руҳида ўтказиляпти.
Бугун эрта тонгдан Фарғона шаҳридаги “Ватанпарварлар боғи”да жойлашган “Мотамсаро она” ҳайкали пойига тантанали гул қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, уруш ва меҳнат фахрийлари, ҳарбий хизматчилар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Маросимда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, ҳоким ўринбосарлари, котибият ва гуруҳ раҳбарлари вилоят ҳокимлиги номидан “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, юрт озодлиги ва тинчлиги йўлида жон фидо этган аждодлар хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.
Шунингдек, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, мудофаа ва ҳуқуқ-тартибот идоралари, хавфсизликни таъминловчи тузилмалар, вилоят бошқарма ва ташкилотлари ҳамда жамоатчилик вакиллари томонидан ҳам ҳайкал пойига гуллар қўйилди.
Тадбир давомида Ватан озодлиги, халқ тинчлиги ва барқарорлиги йўлида қурбон бўлган инсонлар хотирасига юксак эҳтиром кўрсатилди.
Эътиборлиси, “Ватанпарварлар боғи” нафақат хотира ва эҳтиром маскани, балки ёш авлод қалбида ватанпарварлик, садоқат ва тинчлик қадрини мустаҳкамлайдиган маънавий марказ сифатида яна бир бор намоён бўлди.
Айни пайтда вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган турли тадбирлар, учрашувлар ва хотира кечалари давом этмоқда.









