Бир асрлик ҳаёт — бир умрлик жасорат
2026-05-08 15:55:00 / Янгиликлар

Усмонжон ота ёшлик йилларини инсоният тарихидаги энг даҳшатли уруш майдонларида ўтказган. У 18 ёшида фронтга сафарбар қилиниб, Харьков ва Курск жангларида иштирок этган, Германияга қадар бўлган оғир ва машаққатли йўлни босиб ўтган. Урушдан кейин ҳам рус-япон фронтида хизмат қилиб, жасорат ва матонат намунасини кўрсатган.
1948 йилда она юртига қайтган отахон темир йўл соҳасида узоқ йиллар ҳалол меҳнат қилди. Турмуш ўртоғи билан 6 нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказди. Бугунги кунда эса фарзандлари, 100 нафардан зиёд набира, чевара ва эваралар ардоғида умргузаронлик қилмоқда.
Вилоят ҳокими билан суҳбатда уруш ва меҳнат фахрийсининг ҳаёт йўли, бошидан кечирган синовли йиллари ёдга олиниб, унга юксак эҳтиром ва эъзоз кўрсатилди.
Вилоят ҳокими 106 ёшли Усмонжон отага Президентимиз номидан йўлланган табрик, пул мукофоти ва эсдалик совғаларини топширди.
Нуроний отахон юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар бардавом бўлишини тилаб, ёш авлоднинг бахту саодати учун эзгу дуолар қилди.




