Фарғоналик уруш фахрийларига Президент совғалари топширилди
2026-05-08 14:10:00 / Янгиликлар

Бугун вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи, урушнинг оғир синовларини бошидан кечирган Фатина Шарипова, Вера Вяльцева ҳамда Лариса Шарова хонадонида бўлди.Тадбирда Шарқий ҳарбий округ ҳамда вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари раҳбарлари, нуронийлар иштирок этди.
Вилоят ҳокими уларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари номидан 30 миллион сўм миқдоридаги бир марталик пул мукофоти ҳамда эсдалик совғаларини тантанали равишда топширди.
Мулоқотларда фахрийларнинг ҳаёт йўли, меҳнат фаолияти ва уруш йилларида бошдан кечирган машаққатли кунлари ҳақида суҳбатлашилди.
Фатина Шарипованинг болалик йиллари немис-фашистларининг Ганновер-Алем концлагерида ўтган. Урушдан кейин Ўзбекистонга келиб, аввал Бухоро шаҳрида, 1964 йилдан буён эса Фарғона шаҳрида яшаб келмоқда. У узоқ йиллар таълим соҳасида самарали меҳнат қилган.
Бу йил 100 ёшни қарши олган Вера Вяльцева 1941–1945 йиллардаги Ленинград қамали қатнашчиси ҳисобланади. Урушдан кейин турли соҳаларда фаолият юритиб, 1961–1981 йилларда Фарғона вилоятида кино соҳасида масъул вазифаларда ишлаган.
Сталинград қамалининг даҳшатли кунларини бошидан кечирган Лариса Шарова эса бугунги тинч ва осойишта ҳаёт учун шукроналик билдирди. У Ўзбекистонни меҳр-оқибат ва бағрикенглик юрти сифатида алоҳида эътироф этди.
Учрашувларда фахрийлар мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, кекса авлод ва уруш қатнашчиларига кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик учун давлат раҳбарига самимий миннатдорчилик билдирдилар. Шунингдек, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, тинчлик қадрига етиш ва фидойилик руҳида тарбиялаш муҳимлигини таъкидлаб, дуолар қилдилар.









