Фарғонада ёшлар ўртасида китобхонлик янада оммалаштирилади
2026-05-07 14:50:00 / Янгиликлар
Ёшлар куни муносабати билан вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Марғилон шаҳридаги “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуасининг кутубхонасида турли соҳаларда фаол бўлган йигит-қизлар ҳамда ёш китобхонлар билан учрашди. Унда вилоят прокурори Бахтиёр Исмоилов ҳам иштирок этди.

Вилоят ҳокими мамлакатимизда китобхонликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб, китоб инсон учун энг яхши дўст, катта бойлик эканини таъкидлади. Китобхонлик орқали юқори натижаларга эришаётган ёшларнинг фаолиятини алоҳида эътироф этиб, улар тенгдошларига намуна бўлиши, китоб мутолаасини тарғиб қилувчи фаол тарғиботчиларга айланиши зарурлигини билдирди. Айниқса, “тенгдош — тенгдошга намуна” тамойили ёшлар тарбиясида муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Мулоқотда бугунги кунда кўплаб ёшларнинг телефон ва ижтимоий тармоқларга боғланиб қолаётгани, китобхонликни кенг тарғиб қилиш орқали уларнинг мутолаага бўлган меҳрини ошириш, ёш китобхонлар сафини кенгайтириш зарурлиги муҳимлиги айтилди. Шу билан бирга, сунъий интеллект имкониятларидан самарали ва тўғри фойдаланиш кераклиги таъкидланди.
Тадбирда фарғоналик ёшларнинг турли соҳаларда эришаётган ютуқлари мамнуният билан тилга олинди. Айниқса, ахборот технологиялари ва стартап лойиҳаларига қизиқувчи ёшлар сони ортиб бораётгани қайд қилинди.
Шунингдек, Президент ташаббуси билан ташкил этилган мазкур мажмуада ҳар икки йилда Халқаро китобхонлик фестивалини ўтказиш режалаштирилгани ҳам маълум қилинди.
Учрашув давомида фарғоналик ёшлар ва аҳоли ўртасида кунига 20 бет китоб ўқиш, китобхонликни янада оммалаштириш ташаббуслари илгари сурилди.
Самимий мулоқотда ёш китобхонлар томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар, китобхонликни кенг тарғиб қилиш, аудитория қамровини ошириш борасидаги ишлар ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, шаҳар ва туманларда китобга қизиқувчи ёшлар билан учрашувлар ташкил этиш, қишлоқ ёшларини кенг қамраб олиш, мастер-класслар ўтказиш юзасидан таклифлар билдирилди.
Шу билан бирга, “Энг яхши китобхон ота” ва “Энг яхши китобхон она” танловларини ташкил этиш ташаббуси маъқулланди. Маданият ва санъат соҳаси, шунингдек, стартап лойиҳалар бўйича ҳам алоҳида учрашувлар ўтказиш таклифлари, янги лойиҳа ва ғоялар илгари сурилди. Ишга жойлашиш, волонтёрлик фаолияти билан боғлиқ мурожаатлар тингланди.
Вилоят ҳокими ёшлар томонидан билдирилган таклиф ва ғояларни юқори баҳолаб, уларнинг барча ташаббуслари қўллаб-қувватланиши, масъуллар бириктирилиши ҳамда зарур амалий ёрдам кўрсатилишини таъкидлади.









