Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров “Заковат” интеллектуал ўйинида иштирок этди
2026-05-07 15:15:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров “Заковат” интеллектуал ўйини иштирокчилари билан учрашиб, ёшларнинг билим ва салоҳияти, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратаётган интеллектуал авлод ҳақида фикр билдирди.
Учрашувда вилоят ҳокими кейинги йилларда ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, китобхонликка қизиқиши ва илм-фанга интилиши сезиларли даражада ортиб бораётганини таъкидлади. “Заковат” клуби нафақат билим майдони, балки ёшларни фикрлашга, изланишга, тезкор қарор қабул қилишга ундайдиган муҳим маънавий-маърифий мактаб, ҳаракатга айланаётгани қайд этилди. Бугун клубга аъзо бўлишни истовчи ёшлар сони ортиб бораётгани ҳам мамлакатда ёшлар сиёсатига қаратилаётган эътибор ва амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси экани айтилди.
Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси бугун ҳаётнинг барча соҳаларида яққол кўзга ташланмоқда. Айниқса, илмли ва салоҳиятли ёшлар сафининг кенгайиб бораётгани мамлакат тараққиётининг муҳим натижаларидан бири сифатида эътироф этилди.
Шунингдек, Учинчи Ренессанс ғояси ҳақида сўз юритилиб, бу пойдеворни айнан билимли, интеллектуал салоҳияти юқори бўлган ёшлар яратаётгани қайд этилди. Вилоят ҳокими буюк аждодлар — Ал-Беруний, Муҳаммад ал-Хоразмий, Маҳмуд аз-Замахшарий, Имом Бухорий каби улуғ зотларнинг муносиб давомчилари бугунги ёшлар орасидан етишиб чиқишига ишонч билдирди.
Учрашувда ёшларга доимий ўқиш, изланиш ва ўз устида ишлаш зарурлиги таъкидланди. Ўзбекистонни илм-фан, технология, спорт ва бошқа соҳаларда дунёга намуна қилиб кўрсатиш учун маррани баланд олиш, катта мақсадлар билан яшаш муҳим экани айтилди.
“Заковат” интеллектуал ўйинларини янада оммалаштириш мақсадида ҳар пайшанба куни турли ҳудудларда ўйинлар ташкил этилаётгани қайд этилди. Шу билан бирга, вилоят миқёсида “Вилоят ҳокими”, “Вилоят прокурори”, “ДХХ вилоят бошқармаси бошлиғи” каби кубокларини ташкил этиш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Тадбир давомида Фарғона ёшларининг халқаро майдонларда эришаётган ютуқлари ҳам алоҳида эътироф этилди. Хусусан, дунёнинг энг нуфузли олийгоҳларидан бири ҳисобланган Гарвардга Фарғонадан бир неча ёшлар юқори натижалар билан грант асосида қабул қилинаётгани, шунингдек, ўзбек ёшларининг шахмат ва бошқа интеллектуал йўналишларда халқаро ютуқларга эришаётгани мамлакатда билимли авлод шаклланаётганининг ёрқин намунаси экани таъкидланди. “Заковат” иштирокчиларига омадлар тилади.
Шундан сўнг вилоят ҳокимининг ўзи ҳам “Заковат” интеллектуал ўйинида иштирок этди.






