Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Александр Огородниковни қабул қилди.
2026-04-30 22:40:00 / Янгиликлар

Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали алоқалар сифат жиҳатидан янада юқори даражага кўтарилгани, кўплаб соҳаларда самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганлиги қайд этилди.
Шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорлик ижобий натижалар бераётгани, бу эса ўзаро манфаатли ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётгани айтилди.
Мулоқот давомида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги, саноат ҳамда туризм соҳаларидаги мавжуд имкониятларга алоҳида эътибор қаратилди.
Экспорт, транспорт ва логистика йўналишларини ривожлантириш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Учрашувда вилоятда фаолият юритаётган тадбиркорлар ҳам иштирок этиб, улар билан илғор инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Келгусида делегациялар алмашинуви, видеоконференция алоқалари ҳамда турли форумлар орқали ҳамкорликни янада кенгайтириш, янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан келишиб олинди.


