Фарғонада тадбиркорлик фаолиятини назорат қилиш тартибларига бағишланган семинар ўтказилди
2026-04-23 16:25:00 / Янгиликлар

Семинар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони ташаббуси билан ўтказилиб, унда назорат қилувчи органларнинг масъул ходимлари иштирок этди.
Мутахассислар томонидан тадбиркорларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, бизнес юритиш жараёнида юзага келаётган муаммоларни ҳамкорликда ҳал этиш, шунингдек давлат органларининг тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларини олдини олишга қаратилган қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, тадбиркорлик соҳасида давлат назоратини рақамлаштириш учун яратилган электрон платформа - “Ягона давлат назорати” ахборот тизими ва унинг аҳамияти атрофлича тушунтирилди.
Текширув ташаббуси жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари, хавфни таҳлил қилиш электрон тизими натижалари, оммавий ахборот воситалари ҳамда бошқа манбалардан олинган маълумотлар асосида илгари сурилиши мумкинлиги айтиб ўтилди.
Шу билан бирга, текширувларни ахборот тизими орқали хабардор қилиш ва уларни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш жараёнлари юзасидан ҳам тушунчалар берилди.
Семинар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоблар олдилар.




