Фарғона туманида 5 минг гектар экин ер майдонларини сув билан таъминлашга хизмат қиладиган “Аввал-Лоғон” насос станцияси фойдаланишга топширилди
2026-04-21 19:25:00 / Янгиликлар

Мазкур йирик инфратузилма объекти Жаҳон банки молиявий кўмагида амалга оширилаётган “Фарғона водийсида сув ресурсларини бошқариш” лойиҳасининг иккинчи босқичи доирасида Хитой қурилиш компанияси томонидан барпо этилди.
Лойиҳа доирасида қарийб 30 миллион доллар миқдоридаги инвестиция маблағлари ҳисобидан насос станцияси учун замонавий талабларга жавоб берадиган бино ва иншоотлар қурилди.
Жумладан, диаметри 1220 миллиметр бўлган, умумий узунлиги 9,3 километрлик юқори босимли қувурлар ётқизилди. Шунингдек, шу масофага тенг бўлган 110 киловольтли юқори кучланишли электр тармоқлари ҳам тортилди.
Иншоот 3 та замонавий насос агрегати ва юқори қувватли электр двигателлар билан жиҳозланган бўлиб, уларни бошқариш жараёни тўлиқ автоматлаштирилган. Бу эса инсон омилини камайтириш, тизимнинг барқарор ва самарали ишлашини таъминлаш имконини беради.
Насос станцияси “Марғилонсой” каналидан сув олиб, уни 9,3 километр масофага “Лоғон” каналига узатади. Сув узатиш қуввати сониясига 2 куб метрни ташкил этиб, натижада қарийб 5 минг гектар экин ерларининг сув таъминоти сезиларли даражада яхшиланади.
Тадбир давомида иштирокчилар янги насос станциясининг техник имкониятлари, замонавий ускуналари ва автоматлаштирилган бошқарув тизими билан яқиндан танишдилар.





