Имконсиз нарсанинг ўзи йўқ: ҳаракат қилган инсон барча мақсадга эриша олади
2026-04-09 13:20:00 / Янгиликлар

Самимий мулоқотда Фарғона туманидаги “Лоғон” МФЙ ҳудудида жойлашган “Билимдон” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ташкил этилган тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Унда шаҳар ва туманлардан келган 16 ёшдан 25 ёшгача бўлган ёшлар 6 та йўналиш бўйича иштирок этгани, жами 50 нафар иштирокчи ўз лойиҳаларини тақдим этгани қайд этилди.
Мулоқотда ёшлар ўтказилган тадбирлар уларда катта таассурот қолдирганини, янги дўстлар орттиришга ва тажриба алмашишга хизмат қилганини алоҳида таъкидладилар. Бунинг учун Президентимизга миннатдорчиликларини билдирдилар.
Шунингдек, ёшлар учрашувда вилоят раҳбарини ўз ташаббус ва ғоялари билан таништириб, уларни амалга ошириш бўйича таклифлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтдилар. Хусусан, волонтёрлик фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, кўзи ожиз ҳамда эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахсларни ижтимоий ҳаётга мослаштиришга қаратилган мобил иловалар яратиш, имконияти чекланганлар учун дизайн ва тикувчилик йўналишида лойиҳаларни йўлга қўйиш каби ташаббуслар илгари сурилди.
Вилоят раҳбари билдирилган таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини қайд этди. Имконияти чекланган бўлишига қарамай, ҳар бир ёшда ўзига хос қобилият ва салоҳият мавжудлиги, уларни рўёбга чиқариш учун ҳар томонлама кўмак бериш муҳимлигини айтиб ўтди. Баъзи бир имконияти чекланган ёшлар ўзининг меҳнати, матонати билан бошқаларга ибрат бўлаётгани қайд этилди.
“Voice Up–2026” иштирокчилари келгусида республика босқичида ҳам муносиб натижаларга эришишга интилишларини билдирдилар.
Учрашув давомида вилоят ҳокими мутасадди раҳбарларга ёшлар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббусларни амалга ошириш бўйича зарур кўрсатма ва топшириқлар берди.









