Вилоят ҳокими бўлажак шифокорлар билан учрашди
2026-04-09 13:00:00 / Янгиликлар

Яқинда фойдаланишга топширилган мазкур клиникада бўлажак шифокорлар учун барча шароитлар яратилган. Улар бу ерда дуал таълим олишади, назарияни амалиёт билан уйғунлаштирадилар. 120 ўринли стационар ҳамда кунига 200 нафаргача беморни қабул қилиш имконига эга амбулатор бўлимларда умумий терапия, умумий хирургия, анестезиология ва реанимация, қабул-диагностика, физиотерапия каби йўналишларда замонавий тиббий хизматлар кўрсатилмоқда.
Шунингдек, “Халқ табобати ва фармакология” кафедраси қошида ташкил этилган доривор ўсимликлар ўқув-амалиёт базаси талабаларнинг амалий кўникмаларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Вилоят ҳокимига клиникадаги шароитлар, талабалар учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берилди.
Талабалар билан бўлиб ўтган самимий мулоқотда вилоят раҳбари уларнинг режа ва мақсадларини тинглади. Бир қатор талабаларнинг хорижда малака ошириб, амалий тажриба орттириб қайтгани эътироф этилди.
Вилоят ҳокими мамлакатимиздаги тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар хусусида сўз юритиб, сиҳат-саломатлик ҳар бир инсон, бутун жамият учун бебаҳо бойлик, улуғ неъмат эканлигини таъкидлади. Тиббиёт соҳасини ривожлантириш ҳамда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда малакали, билимли шифокорларнинг фаолияти муҳим ўрин тутишлигини қайд этиб ўтди. Сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш билан бир қаторда, ёшлар асосий эътиборни соҳани мукаммал эгаллаш, чуқур билим олиш, китоб ўқиш ва тинимсиз меҳнатга қаратиш лозимлиги қайд этилди.
— Тиббиёт соҳаси инсон тақдири билан бевосита боғлиқ. Шифокорнинг билим ва масъулияти ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Айрим ҳолларда ширин сўзнинг ўзи ҳам беморнинг соғайишида муҳим омил бўлиши мумкин, — деди вилоят раҳбари.
Учрашувда касалликларни даволашдан кўра, уларнинг олдини олиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний фаолликни ошириш устувор вазифа эканига алоҳида урғу берилди.
Вилоят ҳокими ёшларни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратувчи авлод бўлишга чорлаб, улар Ибн Сино ва Беруний каби улуғ аждодларга муносиб ворис бўлиб, етук олим ва малакали мутахассислар сифатида камол топиши зарурлигини қайд этди.
Ёшлар ишончни оқлаш учун албатта, яхши ўқиб-ўрганишларини таъкидлаб, ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.









