Фарғона шаҳрида ДХХ кубоги мусобақалари бошланди
2026-04-08 17:50:00 / Янгиликлар

Бугун Фарғона шаҳар босқичи мусобақаларнинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими ўринбосари Шерзод Полвонов, шаҳар ҳокими Восилжон Назаров, тегишли идора ва ташкилотлар раҳбарлари, спортчилар ҳамда фаол ёшлар иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар мазкур мусобақа нафақат спорт байрами, балки ёшларни бирлаштирувчи, уларнинг жисмоний ва маънавий камолотига хизмат қилувчи муҳим тадбир эканлигига эътибор қаратишди. Йигитлар ўртасида футбол ва мини-футбол, шунингдек, қизлар ўртасида мини-футбол бўйича ўтказилаётган мусобақалар ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам мазкур йўналишдаги аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилгани қайд этилди.
Хусусан, футболни оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш масалаларига тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, келгусида ғолиб жамоаларнинг вилоят ва республика босқичларида ҳам муносиб иштирок этишига ишонч билдирилди.
Тадбир доирасида қура ташлаш жараёни ўтказилиб, шаҳардаги мавжуд 74 та маҳалла фуқаролар йиғинларида шакллантирилган жамоалар ўртасидаги беллашувлар тартиби белгилаб олинди.
Шундан сўнг қура натижаларига кўра, жамоалар ўртасидаги қизиқарли ўйинлар бошланди.









