Фарғона ва Афғонистон ўртасида савдо-иқтисодий алоқалар янада фаоллашмоқда
2026-04-06 15:55:00 / Янгиликлар

Учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев Афғонистон билан барча соҳаларда конструктив ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётгани, икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик кўлами кенгайиб бораётганлиги қайд этилди. Мазкур делегациянинг Фарғонага ташрифи ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш ҳамда ҳудудлараро иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш йўлида муҳим қадам ҳисобланиши таъкидланди.
Мулоқот доирасида “Фарғона–Афғонистон” бизнес-форуми ҳақида ҳам фикр алмашилди. Хусусан, турли соҳаларда қатор истиқболли келишувларга эришилгани, бундай форматдаги мулоқотлар қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам асос бўлаётгани таъкидланди.
Моҳаммед Ариан Азими делегация аъзолари томонидан вилоятнинг муҳим тармоқлари билан яқиндан танишилиб, Фарғонада ҳамкорлик учун кўплаб йўналишларда улкан имкониятлар борлиги билдирилди. Ташриф давомидаги тадбирлар ва бизнес-форум доирасида икки ҳудуд тадбиркорлари ўртасида 500 млн долларлик шартномалар тузилганлиги алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, учрашувда Фарғона вилоятида Афғонистоннинг ваколатхонасини очиш, мева-сабзавотчилик ҳамда қайта ишлаш саноати, қишлоқ хўжалиги каби йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди. Тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ва ўзаро ташрифларни фаоллаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокими ҳудудда қулай инвестиция муҳити яратилганини таъкидлаб, афғон ишбилармон доиралари билан барча устувор соҳаларда ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.
Учрашув якунида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, шу жумладан, тадбиркорлар ва расмий делегациялар алмашинувини мунтазам йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.




