Фарғонада халқаро стандартдаги яна бир тиббиёт маркази иш бошлади
2026-04-03 10:25:00 / Янгиликлар

Клиниканинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, тиббиёт ходимлари, инвесторлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тантанали тадбирда сўз олган вилоят ҳокими барча тизим ходимларини янги марказнинг ишга тушиши билан самимий қутлаб, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини изчил ривожлантириш, аҳолига замонавий ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Хусусан, тиббиётда хусусий секторнинг салмоғи ошиб бораётганлиги, уларни қўллаб-қувватлаш ва қўшимча шароитлар яратиш тизимли давом этаётганлиги хусусида сўз юритилди. Вилоятимизда соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда аҳоли саломатлигини мустахкамлашда хусусий секторнинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётгани, ўтган йилнинг ўзида 87 та янги диагностика ва даволаш муассасалари ташкил этилгани ҳамда вилоят ушбу йўналишда Республикада етакчи ҳудудлардан бири эканлиги маълум қилинди.
Фарғона вилояти бугунги кунда нафақат маҳаллий аҳолига, балки қўшни республикалардан келаётган минглаб беморларга ҳам юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатаётган, тиббий туризм ривожланаётган ҳудуд сифатида истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётгани қайд этилди. Аҳоли саломатлиги учун хизмат қиладиган клиника фаолиятига муваффақият тилади.
“Euro Med Family” МЧЖ томонидан барпо этилган мазкур тиббиёт маркази ҳам аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ва эзгу ташаббуслардан бири ҳисобланади.
Қиймати 5 миллион долларни ташкил этувчи ушбу лойиҳа Жанубий Кореялик инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширилди. Марказ илғор тиббий ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, бу ерда барча қулай шарт-шароитлар яратилган ва юқори малакали мутахассислар фаолият олиб боради.
Энг муҳими, аҳолига сифатли ва самарали тиббий хизмат кўрсатиш учун барча қулайликлар мавжуд бўлиб, 200 та янги иш ўрни яратилди. Йилига 100 минг нафар аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имкониятига эга.
Марказда травматология, гинекология, ЛОР, ортопедия, нейрохирургия, реанимация каби бўлимлар ҳамда замонавий диагностика хизмати йўлга қўйилган.
Тадбир давомида хорижий ҳамкор Жай Ёнг Нам ва тадбиркор Зиёдулло Омонов ҳам сўзга чиқиб, мамлакатимизда тадбиркорлар ва инвесторларга яратилаётган кенг имкониятлар, қўллаб-қувватлаш ва амалий кўмак учун миннатдорлик билдирдилар. Аҳолига сифатли ва халқаро стандартлар асосида тиббий хизмат кўрсатиш асосий мақсад қилингани таъкидланди.
Марказ нафақат вилоят аҳолиси, балки қўшни давлатлардан келувчи беморлар учун ҳам сифатли хизмат кўрсатувчи нуфузли тиббиёт муассасаларидан бирига айланиши айтиб ўтилди.
Шундан сўнг рамзий лента қирқилиб, меҳмонлар марказда яратилган шарт-шароитлар ҳамда кўрсатиладиган тиббий хизматлар билан яқиндан танишдилар.









