Фарғона шаҳрида ёшлар сайли юқори савияда ўтди
2026-04-02 17:25:00 / Янгиликлар

Ёшлар фаоллигини ошириш, уларнинг истеъдод ва салоҳиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган мазкур тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Шерзод Полвонов, ҳамкор ташкилотлар раҳбарлари, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Сайл доирасида 20 дан ортиқ турли танловлар ва спорт мусобақалари ташкил этилиб, уларда иштирокчилар ўз қобилият ва имкониятларини кўрсатдилар.
Хусусан, ёш тадбиркорлар, ҳунармандлар ва мусаввирлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ва ижодий ишланмалар кўргазмалар орқали намойиш этилди. Шунингдек, китоблар ярмаркаси ташкил қилиниб, спортчи ёшлар томонидан кўргазмали чиқишлар ўтказилди.
Шахмат ва шашка мусобақалари, “Заковат” интеллектуал ўйинлари ҳамда арқон тортиш беллашувлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Миллий спорт турлари — дор ўйинлари, полвонлар беллашувлари ва ош танловлари ҳам тадбирга ўзига хос руҳ бағишлади.
Шаҳар ва туманлар кесимида ташкил этилган павильонларда ҳудудларнинг ўзига хос жиҳатлари акс эттирилиб, ёшларнинг эришаётган ютуқлари ва истиқболли лойиҳалари тақдимот қилинди.
Тадбир давомида ёшларнинг ижодий чиқишлари, қўшиқ ва мусиқий дастурлар, нуронийлар билан ўтган учрашувлар йиғилганларга янада кўтаринкилик улашди.
Якунда фаол иштирокчилар ва ғолиблар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.









