Қувасой шаҳрида йирик инвестиция лойиҳасининг қурилиши бошланди
2026-04-02 12:40:00 / Янгиликлар

Мазкур лойиҳа “FERGHANATELTEKS” МЧЖ томонидан туркиялик инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган бўлиб, ингичка толали кабеллар ишлаб чиқаради. Умумий қиймати 25 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи лойиҳа доирасида замонавий технологиялар жорий қилиниши кўзда тутилган.
Ташаббуснинг асосий мақсади юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, шунингдек, экспорт салоҳиятини кенгайтиришдан иборат. Лойиҳа амалга оширилиши натижасида 150 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
Ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг асосий қисми Туркия ва МДҲ давлатларига экспорт қилинади. Лойиҳани 2026 йилнинг учинчи чорагида ишга тушириш белгиланган.
Тадбир давомида қўшма корхона раҳбари Явуз Карабулут қурилиш ва ишга тушириш жараёнлари юзасидан маълумот берди.
Нуронийлар иштирокида дуолар қилиниб, эзгу ниятлар билан янги корхона қурилиши бошланди.




