Яхши ниятда экилган ҳар бир кўчат бу – ҳаёт, бу – тоза ҳаво, бу – соғлом муҳит, бу – келажак демак
2026-04-01 13:40:00 / Янгиликлар

Тадбирда бошқа ҳудудлар қатори Фарғона вилояти ҳам видеоалоқа орқали уланиб, яшил ҳудудлар ташкил этиш ишларини бошлади.
Хусусан, Фарғона тумани “Юқори арча” МФЙ ҳудудидаги 105 гектар майдонда “яшил боғ” ва “яшил белбоғ” барпо этиш ишларига киришилди. Бугун ушбу ҳудуднинг 10 гектарига 2000 тупдан зиёд манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят нуронийлари, ёшлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Маълумот ўрнида, ўтган давр мобайнида вилоятда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 140 гектар яшил боғлар, 170 гектар жамоат парклари, шунингдек шаҳар ва туманлар атрофида 26 гектар “яшил белбоғлар” барпо этилди. Шунингдек, Қува туманидаги "Каркидон" сув омбори ҳудудида иқлим шароитига мос 100 минг тупдан зиёд манзарали кўчатлар экилди.
Жорий йилда вилоятда жами 15,2 миллион дона, жумладан баҳор мавсумида 5,6 миллион дона манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчатлари экиш режалаштирилган. Бунинг учун кўчатхоналарда 40 миллион донадан зиёд кўчат захираси яратилди. Ҳозирга қадар эса вилоят бўйича 6,5 миллион тупдан зиёд дарахт кўчатлари экилди.









